ССВ: 4 минг нафардан зиёд битирувчи шифокорлик қасамёдини қабул қилди
2026-06-15 15:50:00 / Янгиликлар
Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги санъат саройида Тошкент давлат тиббиёт университети битирувчиларининг шифокорлик қасамёдини қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Адхам Худайкулов барча битирувчиларни шифокорлик касбини бошлаётгани билан самимий муборакбод этди ва уларга келгуси фаолиятларида зафарлар тилади.
Шунингдек, тадбирда университет ректори Шуҳрат Боймуродов ёш мутахассислар олдида турган масъулиятли вазифалар ҳақида тўхталиб, уларга аҳоли саломатлигини асраш йўлида фидойилик билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.
Маросимда иқтидорли талабаларнинг ютуқлари акс этган видеороликлар намойиш этилди. Шунингдек, санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Тадбир сўнгида 4 минг нафардан зиёд битирувчи шифокорлик қасамёдини қабул қилди.
ССВ Матбуот хизмати.








