ССВ: Ситуацион марказ орқали қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда
2026-06-12 17:30:00 / Янгиликлар

Яқинда Бухоро вилоятида вазирлик томонидан молиявий интизомни мустаҳкамлаш мавзусига бағишлаб ўтказилган ўқув семинарида шу ҳақда сўз борди.
Айни пайтда “Masofaviyaudit.uz” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали барча молиявий жараёнлар доимий мониторинг қилинмоқда. Аниқланган хавф ҳолатлари ҳақидаги маълумот муассасаларга электрон тарзда юборилиб, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш чоралари кўриляпти.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Ситуацион марказ орқали муассасалар фаолияти доимий мониторинг қилиниб, асосий эътибор қонунбузилишларни аниқлашдан кўра, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ва олдини олишга қаратилмоқда.
Шунингдек, семинар давомида тиббиёт муассасаларида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш, шартномалар тузиш, нарх белгилаш ҳамда ҳисоб-китоб интизомини таъминлаш масалалари ҳақида сўз борди.
Тадбирда дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳаракатини самарали юритиш, жумладан, эҳтиёжни аниқлаш, харид жараёни, қабул қилиш, тақсимлаш ва назорат қилиш тартиблари юзасидан мутахассислар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга тизимдаги мавжуд муаммолар, уларнинг олдини олиш механизмлари ҳамда коррупциявий хавфларни камайтиришга қаратилган амалий тавсиялар берилди.
ССВ Матбуот хизмати.



