АҚШнинг етакчи университети юртимизда кадрларни грант асосида тайёрлайди
2026-06-08 10:50:00 / Янгиликлар

Сафар давомида дунёнинг TOP-25 ва тиббиёт йўналишида жаҳоннинг TOP-20 университетлари қаторига кирувчи ушбу таълим муассасаси билан қатор йўналишларда ҳамкорликка эришилди.
Ташрифнинг асосий мақсади тиббий таълим, клиник тайёргарлик, илмий тадқиқотлар, халқаро грантлар, академик алмашинув ҳамда АҚШнинг илғор тажрибасини Ўзбекистон олий тиббий таълим тизимига интеграция қилишдан иборат бўлди.
Дастлаб Мичиган университети ва унинг “Michigan Medicine” клиник базаси вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказилди. Мулоқот якунида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Мичиган университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маълумот учун: Мичиган университети (University of Michigan-Ann Arbor) — нафақат АҚШ, балки дунёдаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири бўлиб, илмий тадқиқотлар ва таълим сифати бўйича жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди.
Жумладан, 2026 йилда Times Higher Education (THE) World University Rankings натижаларига кўра, у дунёда 24-ўринни банд этган. Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш йўналишлари бўйича эса унинг натижалари янада юқори: Times Higher Education Medical and Health Rankings'нинг жорий йил натижаларига кўра эса у тиббиёт, стоматология, ҳамширалик иши ва соғлиқни сақлаш йўналишларида дунёда 19-ўринда туради.
Меморандум доирасида тиббий таълим, илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, халқаро грантлар ҳамда клиник тайёргарлик йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорликка асос солинди.
Мичиган университетининг дунё тан олган қатор етакчи профессорлари билан мулоқот давомида тиббий маълумотларни таҳлил қилиш, сунъий интеллект элементларини жорий этиш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида профессорларни жорий йил сентябрь-октябрь ойларида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтига таклиф этиш, Ўзбекистон шифокорлари ва профессор-ўқитувчилари учун малака ошириш курслари, маҳорат дарслари, семинарлар ҳамда клиник тренинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, ташриф давомида Мичиган университетининг Weiser Professional Development Awards дастури алоҳида ўрганилди. Мазкур дастур Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун 2-3 ойлик илмий стажировкаларни молиялаштиради. Дастур шартларига кўра, иштирокчиларнинг халқаро авиачипталари, яшаш харажатлари, турар жой, тиббий суғурта ва стипендия харажатлари грант маблағлари ҳисобидан қопланади.
Музокаралар давомида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари, докторантлари, ёш олимлари, шифокорлари ва иқтидорли талабаларини ушбу грант дастурларига тизимли равишда жалб этиш бўйича келишувга эришилди. Бу эса Ўзбекистон тиббий таълими вакилларининг дунёнинг энг илғор илмий марказларида малака ошириши учун янги имкониятларни яратади.
Ташриф давомида Мичиган университетида жорий этилган USMLE (United States Medical Licensing Examination) стандартлари асосидаги тиббий таълим модели ҳам батафсил ўрганилди. Мазкур тизим талабаларни клиник фикрлаш, диагностик қарор қабул қилиш, бемор билан ишлаш ва амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Томонлар Ўзбекистон тиббий таълим тизимига USMLE элементларини босқичма-босқич интеграция қилиш, клиник фикрлашни ривожлантиришга қаратилган семинарлар, халқаро конференциялар, маҳорат дарслари ҳамда профессор-ўқитувчилар учун махсус тренинг дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳам келишувга эришди.
Ушбу натижалар мамлакатимизда тиббиёт кадрларини тайёрлаш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, илмий салоҳиятни ошириш ва тиббий таълимни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади.
ССВ Матбуот хизмати.




