ССВ: Ўзбекистонда илк бор масофадан робот жарроҳлик амалиёти ўтказилди
2026-05-21 15:35:00 / Янгиликлар
Робот жарроҳлик — бу оддий технология эмас, балки инсон ақл-заковати, тиббиёт ва рақамли тараққиётнинг ўзаро уйғунлигидир.
У — шифокорга энг нозик ҳаракатларни ҳам юқори даражада аниқлик билан бажаришга кўмаклашиб, беморга кам жароҳат етказиши ҳамда қисқа муддатда тикланиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Энг муҳими, энди масофалар чегара эмас. Бугун дунё тиббиёти шундай босқичга етдики, бир давлатда туриб, бошқа мамлакатдаги беморда мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.
Қувонарлиси, Ўзбекистон тиббиёти ҳам ана шундай тарихий босқичга қадам қўймоқда. Мамлакатимизда илк бор масофадан робот жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Ушбу юқори технологияли операцияни академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассиси Абдурашид Абдукаримов Хитой давлатидан туриб, амалга оширди.
ССВ Матбуот хизмати томонидан тайёрланган шу ҳақдаги видеолавҳа билан яқин вақтларда танишасиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
