Кундузги стационарлар: Шифохоналарга мурожаатлар сони 19,1 фоизга камайди
2024-07-16 10:05:00 / Янгиликлар

Таъкидлаш жоизки, аввалари бирламчи бўғин муассасаларидаги кундузги шифохоналардан етарлича фойдаланилмас эди. Баъзи оилавий поликлиникаларда кундузги стационар учун хона етишмаса, бошқаларида турли сабаблар билан шифо ўринлари ташкил этилмаганди.
Бугунги кунга келиб, республикамиздаги оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги кундузги стационарларда 19,3 мингта кундузги шифо ўрни ташкил этилган. Бунда имкониятлардан келиб чиққан ҳолда оилавий шифокор пунктларида 6 тагача, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 20 тагача кундузги шифо ўринлари яратилган. Уларда ишлайдиган тиббиёт ходимлари иш ҳақига қўшимча устама тўланиши йўлга қўйилди.
Кундузги стационарларда тиббий хизматлар кўрсатиш вақти 13:00 дан 20:00 гача узайтирилгани уларнинг иш фаолиятидаги асосий янгиликлардан бири бўлди.
Қолаверса, худди шу янги тизим орқали 558 минг нафар беморга оиласидан ажралмаган ҳолда даволаниш имконияти яратилди ва натижада шифохоналарга мурожаатлар 19,1 фоизга камайди.
Кундузги стационарларда ўзи кимлар даволаниши мумкин?
Бу муассасаларда даволаниш учун ўткир, сурункали касалликларнинг ремиссияси ёки субремиссияси давридаги, реабилитация ва соғломлаштириш муолажаларига муҳтож бўлган беморлар оила шифокори ёки тор соҳа мутахассиси йўлланмаси асосида юборилади.
У ерда муолажа олаётганлар врач ва ҳамширанинг доимий назоратида бўлади. Беморларга кафолатланган пакет доирасида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиб, дори воситалари бепул тақдим этилади.
Масалан, беморлар кундузги стационарларда тегишли лаборатория ва диагностика текширувларидан ўтиши, физиотерапия, инфузион терапия, реабилитацион муолажалар каби тиббий хизматлардан фойдаланиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, бугун бирламчи бўғиндаги такомиллашган кундузги стационарлар беморларнинг вақти ва маблағини тежаб, уларга туну кун сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган ўзига хос кичик шифохона бўлиб хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
