Нукус шаҳрида Ўзбекистон болалар урологлари жамиятининг III халқаро конференцияси бошланди
2026-05-07 10:25:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, ўтган йили Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган Европа болалар урологлари ассоциациясининг 35-конгрессида 2,5 минг нафардан зиёд мутахассислар сафида Болалар миллий тиббиёт маркази директори бошчилигидаги делегациямиз ҳам иштирок этганди.
Эътиборлиси, конгресснинг очилиши ушбу марказ мутахассисларининг маърузаси билан бошланганди. Ўшанда иштирокчилар мамлакатимизнинг бу йўналишдаги ютуқларини юқори баҳолаб, илғор тажрибамизни ўрганишга катта қизиқиш билдирганди. Бу бежиз эмас, албатта.
Ўзбекистон болалар урологияси йўналишида юқори технологик операциялар салмоғи ва сифати бўйича дунёнинг энг кучли 20 та давлати қаторида эътироф этилади. Бунда Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган тўртинчи даражали Болалар миллий тиббиёт марказининг салмоқли ҳиссаси бор.
Бугунги анжуманда юртимизда бу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, жаҳон миқёсидаги сўнгги тадқиқотлар натижалари, илғор диагностика ҳамда даволаш усуллари, инновацион ечимлар муҳокама қилинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати


