Давлат аудити тизимига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди
2026-04-30 14:50:00 / Янгиликлар

Унда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги ёндашувлар ва амалиётга жорий этилаётган механизмлар кенг муҳокама қилинди.
Семинар давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-252-сон Фармони ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда “Аниқлаш эмас, олдини олиш” тамойили асосида назоратнинг мутлақо янги модели шаклланаётгани алоҳидатаъкидланди. Мазкур ёндашув орқали молиявий қонунбузилишларнинг оқибатлари эмас, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш устувор вазифага айланмоқда.
Йиғилишни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зухриддин Бахриддинов олиб борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Наманган вилоятидаги вакили — бош инспектор М. Обидов, ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари видеоконфенерцалоқа тарзида уланиб, тегишли идоралар вакиллари ҳам жараёнда фаол қатнашди.
Тадбир давомида бюджет қонунчилиги бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, молиявий хавфларни барвақт аниқлаш, давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, давлат харидлари жараёнларида қонунийликни таъминлаш ҳамда коррупциявий омилларни камайтириш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Мутахассислар томонидан соҳадаги муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
Шунингдек, янги жорий этилаётган “бош инспекторлар институти”, доимий мониторинг ва рақамли назорат тизимлари орқали ҳар бир бюджет маблағи устидан кучайтирилган назорат ўрнатилиши қайд этилди. Бу эса, ўз навбатида, давлат маблағларининг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлаш, шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.





