Паллиатив ёрдам — бемор ва унинг яқинлари ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган эзгу хизмат
2026-04-23 13:50:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда тиббиёт соҳасида нафақат касалликни даволаш, балки беморнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳам муҳим вазифалардан бирига айланган. Айниқса, онкологик касалликка чалинган болалар учун паллиатив ёрдам бутун жараённинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Паллиатив ёрдам нима, унинг аҳамияти қандай? Бу саволга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази онколог шифокори Яхё Зияев батафсил жавоб беради:
— Паллиатив ёрдам – бу касалликни тўлиқ даволаш мумкин бўлмаган ёки даволаш узоқ давом этадиган ҳолатларда бола ва унинг оиласига кўмак беришга қаратилган тиббий, психологик ва ижтимоий хизматлар мажмуасидир, — дейди Я. Зияев.
Бунда мутахассислар боланинг оғриғини енгиллаштириш, унинг эмоционал ҳолатини қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт сифатини максимал даражада яхшилашга интилишади.
Онкологик касалликлар кўпинча кучли оғриқ, чарчоқ, қусиш, нафас етишмаслиги каби ноқулайликлар билан кечади. Паллиатив ёрдамнинг энг асосий мақсади — ана шу ҳолатларни минимал даражага тушириш.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, саратон касаллиги билан оғриган беморларнинг 80 фоизи касалликнинг охирги босқичларида ўртача ва кучли оғриқни бошдан кечиради. Шу сабабли ҳам мақсад даволашдан кўра, аломатлар, оғриқ ва хавотирни енгиллаштириш, шунингдек, ижтимоий ва маънавий муаммоларни ҳал қилишдир.
Болада имкони борича соғлом тенгдошлари каби қувониб, ўйнаб, севимли машғулотлари билан шуғулланиши учун шароит бўлиши муҳим. Паллиатив ёрдам шундай муҳитни яратишга ёрдам беради.
Шунингдек, касаллик билан курашиш даврида бола ҳам, ота-она ҳам қийин, эмоционал оғир жараённи бошдан кечиради. Шифокорлар, ҳамширалар, психологлар, педагоглар, физиотерапевтлар ва волонтерлар уларга бу даврни енгилроқ ўтказишга ёрдам беришади.
Бир сўз билан айтганда, паллиатив ёрдам — онкологик касалликка чалинган болаларга нисбатан меҳр ва ғамхўрликни намоён этувчи муҳим хизматдир. У нафақат тиббий, балки психологик, ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади. Бундай ёрдам бола ва унинг оиласи учун умид, енгиллик ва куч манбаи бўлиб хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
