26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни
2024-06-26 16:10:00 / Янгиликлар

Афсуски, бугун дунёда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони ортиб бормоқда.
Бунга эса Ер юзи аҳолисининг кўпайишидан ташқари, жаҳон бўйлаб синтетик гиёҳванд моддалар истеъмоли йилдан йилга оммалашиб бораётгани ҳам сабаб бўляпти.
Ана шундай омиллар юртимизда психиатрия ва наркология хизматини такомиллаштириш учун муҳим асос бўлди.
— Cўнгги йилларда мамлакатимизда наркологик касалликларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш, уларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров.
— Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 майда қабул қилинган “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳани янада ривожлантириш ва аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш самарадорлигини оширишга хизмат қилди.
Ушбу қарорга кўра:
наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилмоқда;
наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилди.
Ўз навбатида, қарорга мувофиқ, аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида психоактив моддалар истеъмол қилинишининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган профилактика тизими ишлаб чиқилиши бу соҳадаги дадил қадам бўлди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 19 июнда қабул қилинган “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга доир бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, ушбу ҳужжатга кўра, ўтган йили юртимизда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди.
Мазкур муассаса мамлакатимизда ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиб, бу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради.
Қолаверса, ҳудудлардаги руҳий ва наркология касалликлари шифохоналари ҳамда диспансерлари марказнинг ҳудудий ташкилий-методик бўлинмалари этиб белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, гиёҳвандлик муаммосига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини камайтириш учун нафақат давлатлар, халқаро ташкилотлар, балки бутун жамият биргаликда ҳаракат қилиши ва бу ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
