Мавсумий хасталик: Ёзда сальмонеллёзга чалиниш нега кўпаяди?
2024-06-21 09:55:00 / Янгиликлар

Хўш, бу хасталик қандай келиб чиқади? Унинг ўзига хос белгилари ва олдини олиш усуллари нималардан иборат?
Ушбу саволларга Тошкент шаҳар 5-сонли юқумли касалликлар клиник шифонаси бош шифокори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Абдуллабоева жавоб берди.
— Сальмонеллёз – ўткир ичак инфекцияси бўлиб, унинг қўзғатувчиси Salmonella туркумига кирувчи бактериялардир, — дейди мутахассис. — Уларнинг 2000 га яқин серологик хиллари бўлиб, 700 дан кўпроғи одамларда учрайди. Хасталик йил давомида кузатилиб, ёз ва куз ойларида беморлар сони бир мунча кўпаяди.
Касаллик асосан гўшт, сут, балиқ, тухум ҳамда термик ишлов берилмаган бошқа маҳсулотлар — мева-сабзавот ва кўкатларни истеъмол қилиш, зарарланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ва сув истеъмол қилиш, бемор билан мулоқотда бўлиш ҳамда сальмонеллалар билан ифлосланган идиш-товоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа буюмлар орқали юқади.
Шунингдек, сальмонеллалар ҳаво-чанг орқали ҳам юқиши мумкин. Сабаби ушбу бактериялар 20-25 даража ҳароратда 80 кунгача яшай олади. Хасталик ёш болалар, ҳомиладорлар ва кексаларда нисбатан оғирроқ кечади.
Сальмонеллёзнинг бир неча белгилари бор. Кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, ич кетиши, умумий заҳарланиш ва бош айланиши асосий симптомлардир. Касалликнинг инкубацион даври 6-8 соатдан 2-3 кунгача чўзилади. Кўпинча 12-24 соат давом этади.
Касалликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини тоза сақлаш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш ва егуликларни тайёрлашда санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.
Шунингдек, тез бузиладиган таомларни совутгичда сақлаш, овқатланишдан ва егулик тайёрлашдан аввал ҳамда ҳожатхонадан фойдалангач, қўлларни совунлаб ювиш зарур.
Сальмонеллёз билан оғриган беморлар касалхонага ётқизилиши, беморнинг уйидаги кишилар бир ҳафта давомида шифокор назоратида бўлиши муҳим ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
