ССВ: Кўкрак бези саратони жарроҳлиги бўйича профессионал ассоциация ташкил этилади
2026-03-19 09:40:00 / Янгиликлар

Мазкур халқаро дастурга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббий марказининг онкомаммолог жарроҳлари Орифжон Толипов ва Муҳаббат Аминова, ушбу муассасанинг Бухоро филиали нейрохирурги Дониёр Иззатиллоев, Тошкент вилояти филиали маммологи Муқаддас Тўхтабоева ҳамда академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Торакоабдоминал онкохирургия бўлими мудири Ботир Муҳамедов жалб қилинган.
Малака ошириш курси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мазкур давлатнинг Миллий хирургия академияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик протоколи асосида ташкил қилинган бўлиб, шу йилнинг 10 апрелига қадар Париж ва Страсбург шаҳарларида ўтказилади.
Таълим дастури замонавий кўкрак бези онкожарроҳлиги, саратон касалликларини ташхислаш ва даволаш бўйича назарий ҳамда амалий модулларни ўз ичига олади.
Дастурнинг амалий қисмида мутахассисларимиз Франциянинг ICANS каби етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириши, шунингдек, жаҳоннинг етакчи тиббиёт ташкилотлари бўлган Густав Русси ва Кюри институтларида клиник амалиёт ўташи кўзда тутилган.
Якунда Франция томони ўзбекистонлик мутахассисларга Марказий Осиёда илк бор кўкрак бези саратони жарроҳлиги бўйича профессионал ассоциацияни ташкил этишда экспертлик кўмагини кўрсатиши кутилмоқда. Бу минтақада замонавий онкологик ёрдамни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.



