ССВ: Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янгича тизим яратилади
2026-03-16 14:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Президент Администрацияси масъуллари, вазир ўринбосарлари, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ҳамда вазирликнинг тегишли бошқарма бошлиқлари иштирок этди.
Жойлардаги студиялардан барча ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудларга бириктирилган ихтисослаштирилган марказлар, республика тасарруфидаги шифохоналар масъуллари уланди.
Кун тартибидаги биринчи масала 13 март куни Президентимиз раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросига бағишланди.
Қайд этилганидек, ўтган йил давомида вазирлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 88 414 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 67 фоизи қаноатлантирилган, 32 фоизи бўйича тегишли тушунтиришлар берилган, 445 таси рад этилган.
Энг кўп мурожаатлар даволаш ишларини ташкил этиш (24 фоиз), тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилаш (14 фоиз), соғлиқни сақлаш ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича (13 фоиз), тиббиёт ускуналари ва дори-дармон билан таъминлаш (7 фоиз) масалаларига тўғри келган.
Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона, Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Қамаши, Давлатобод, Олтиариқ, Ёзёвон, Шеробод, Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмаларида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатига амал қилинмаган.
Шунингдек, айрим туман ва шаҳарларда мурожаатлар сони аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада ортган. Хусусан, Денов, Яшнобод, Деҳқонобод, Юнусобод, Олмазор туманлари, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Чирчиқ шаҳарлари бу рўйхатда етакчи ўринларда қайд этилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда вазир бошчилигида мазкур ҳудудларда мурожаатчилар билан сайёр қабуллар ўтказиш белгиланди.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида соҳада бўлаётган эътирозларни камайтириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, белгиланган чора-тадбирлар бўйича брифинг ташкил этилиши маълум қилинди.
“Энди ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди, — деди вазир. — Бу борада сусткашликка йўл қўйган масъуллар қатъий жазоланади. Ҳар чоракда олинган таҳлиллар асосида уларни келтириб чиқарувчи омиллар ўрганилади ва ечимини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала — тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудларда соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий этиш жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси раҳбари Элдор Адиловнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳар икки масала юзасидан сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши маълум қилинди.
Ўз навбатида, ижтимоий реестрда турган эҳтиёжманд беморларни “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан саломатлигини тиклаш, уларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ҳолати таҳлил қилинди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларга тезкор ва аниқ топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
