Кафолатланган пакет доирасида қандай тиббий хизматлар бепул кўрсатилади?
2026-02-24 14:10:00 / Янгиликлар

Хўш, янги механизм қай тартибда ишлайди ва қайси турдаги тиббий хизматлар аҳолига бепул кўрсатилади?
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий суғуртани жорий қилишни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Шуҳрат Алмарданов батафсил маълумот берди:
— Кафолатган пакет доирасида юртдошларимиз, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти, деб эътироф этилган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар бепул тиббий хизматлар билан таъминланади.
Бу хизматлардан фойдаланиш учун, аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган аҳоли (вояга етмаганлар учун ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари) ўртасида битим тузилади.
Битимда фуқароларга соғлом турмуш тарзига риоя этиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ўз тиббий саводхонлигини ошириш, шифокор кўрсатмаларига амал қилиш, профилактик ва скрининг кўриклардан белгиланган муддатларда ўтиш, оилавий шифокорга эса аҳолини белгиланган тартибда қабул қилиш ва маслаҳат (ёки йўлланма) бериш, тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш, дори воситаларини тўғри тайинлаш каби мажбуриятлар юклатилади.
Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бундан мустасно).
Бунда оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ тор соҳа шифокорларига, зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма беради ҳамда бемор мазкур йўлланма асосида тор соҳа шифокори томонидан кўрикдан ўтказилади ва (ёки) шифохонага ётқизилади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.
Кафолатланган пакет барча фуқаролар учун бир хил даражада амал қилади, аммо ижтимоий тоифадаги шахслар (болалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар) кенгайтирилган хизматлардан ҳам фойдаланиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил учун кафолатланган пакет ҳажмларини шакллантиради. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда талаб қилинаётган маблағлар миқдори келишилади ҳамда зарур маблағлар келгуси йил учун тасдиқланадиган Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кафолатланган пакет доирасида:
беморларни қабул қилиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва маслаҳат бериш;
тиббий-профилактика хизматларини кўрсатиш;
20 турдаги профилактик кўриклар ва скрининг текширувлари;
29 турдаги диагностик ва 18 турдаги лаборатор текширувлар;
даволаш муолажалари ва амалиётлар;
паллиатив тиббий ёрдам;
меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш хизмати бепул кўрсатилади.
Шунингдек:
34 турдаги кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар учун қўлланиладиган дори воситалари;
6 турдаги кундузги шифохона ва физиотерапия муолажалари учун дори воситалари;
амбулатор шароитда аҳоли (беморлар)га бериладиган қарийб 68 турдаги дори воситалари;
62 турдаги тиббий буюмлар, ташхис қўйиш ва антисептик воситалари бепул тақдим қилинади.
Кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар (дори воситалари, сарфлаш материаллари ва тиббий буюмлар ҳам) пулли асосда кўрсатилади. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамлар бундан мустасно.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
