Рақамли тиббиёт: Янги ахборот модуллари тақдимоти ўтказилди
2026-02-14 09:25:00 / Янгиликлар

Президентимиз топшириқлари асосида соҳани тўлиқ рақамлаштириш ва тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида тизимга энг илғор ахборот технологиялари жорий этиляпти. Хусусан, айни пайтда барча давлат тиббиёт муассасалари DMED ягона рақамли тиббий ахборот тизимига уланиб, қарийб 38 миллион аҳолининг электрон тиббий картаси шакллантирилди.
Кеча Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказида Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Т. Алиева иштирокида тиббиётга доир янги рақамли модуллар тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси, Ягона интегратор – “Uzinfocom” вакиллари, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари қатнашди.
Дастлаб тадбирда DMED ягона рақамли тиббий ахборот тизимининг имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Унда ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари орасида биринчилардан бўлиб, Республика дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ушбу платформа қуйи бўғин – туманлар даражасида жорий этилганлиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Айтиш керакки, мазкур тизим орқали беморларни рўйхатга олиш, қабул жараёнларини автоматлаштириш, даволаш режаларини шакллантириш ҳамда тиббий маълумотларни марказлашган ҳолда юритиш имкони яратилган.
Шундан сўнг, муассасада янги ташкил этилган Ситуацион марказ фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. У орқали ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар дашбордлар асосида масофадан мониторинг қилиниб, ташхислар аниқлиги, тайинланган дорилар асослиги ҳамда даволаш жараёнлари реал вақт режимида кузатиб борилади. Бу эса тиббий хизмат сифатини ошириш ва эҳтимолий хатоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тақдимотда 2026 йил DMED ва “Электрон рецепт” модулини янада ривожлантириш режалари ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, жорий йилда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида ушбу платформадан, хусусий тиббиёт муассасалари ва дорихоналарда эса “Электрон рецепт” модулидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, соҳадаги ахборот тизимларини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Farm.xarid.uz платформалари билан интеграция қилиш ишлари бошланди.
Қолаверса, тадбирда тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолашга қаратилган KPI автоматлаштирилган тизимини амалиётга жорий этиш режалари хусусида ҳам маълумот берилди.
Тақдимот якунида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда 2026 йил тиббиётда рақамлаштириш йили бўлиши, шунинг учун масъулларга бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, соҳага сунъий интеллект технологияларини кенг татбиқ этиш билан боғлиқ аниқ топшириқлар берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.








