Тиббиёт йўналишидаги кириш имтиҳонларида умумтаълим фанлари бўйича сертификат олганларга қандай енгиллик бор?
2024-06-05 14:00:00 / Янгиликлар
Барчага маълумки, тиббиёт йўналишида олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун абитуриентлар кимё ва биология фанларидан имтиҳон топширади. Шунингдек, барча йўналишлар учун мажбурий бўлган она тили ва адабиёт, математика ҳамда Ўзбекистон тарихи фанлари мажмуи ҳам қабул имтиҳорнлари доирасига киритилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланган рўйхатга кўра, ушбу фанлардан миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлган абитуриентларга имтиҳонларда имтиёз тақдим этилади.
Бу имтиёзни олиш учун кимё ва биология бўйича умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги миллий сертификатга эга абитуриентнинг кўрсаткичи максимал А+, А (86 ва ундан юқори балл) ва пропорционал ҳолатда В+, В, С+, С (60-85,9 балл) бўлиши талаб этилади.
“Cambridge International A-LEVEL” сертификатида “Biology – 9700” ва “Chemistry – 9701” бўйича максимал А ёки А* даражаларига эга бўлган номзодлар ҳам ана шундай имтиёз оладилар.
Шунингдек, мажбурий фанлар блоки доирасида умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги миллий сертификатга эга бўлган абитуриентларга мажбурий фан бўйича белгиланган энг юқори балл тақдим этилади ва улар ушбу фанлардан тест топширмайди.
Маълумот учун, 2024 йил 1 мартга қадар умумтаълим фанлари бўйича берилган миллий сертификатлар учун мазкур сертификат олинган пайтда қўлланилган тартибда имтиёз татбиқ этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
