ССВ: “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури лойиҳаси муҳокама қилинди
2026-01-13 18:20:00 / Мажлислар

Шу боис, ушбу хавфли хасталикларда “олтин соат” оралиғида, зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан самарали фойдаланиш беморлар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга.
Пойтахтимизда ана шу мақсадда ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури лойиҳаси ҳамда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларининг янгиланаётган клиник протокол ва даволаш стандартлари муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси масъуллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда шу йўналишдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, даволаш муассасалари мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, инфаркт ва инсульт хасталикларида беморларга кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдам нафақат уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, балки реабилитация жараёнларини тезлаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли мазкур дастур лойиҳасида аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларини барвақт аниқлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий хизматларни янги босқичга олиб чиқиш орқали барвақт ўлим ҳолатлари ва ногиронликни камайтириш, беморларни соғломлаштириш ҳамда реабилитация қилишни яхшилаш, кардиологик ва неврологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Қайд этилганидек, халқаро дастурлар (“Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke”) асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури дастлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, кейинчалик барча ҳудудларда амалиётга жорий этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларини барвақт аниқлаш мақсадида 30 ёшдан ошган аҳолини йилига бир марта мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш, халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутлари (clinical pathways)ни амалиётга киритиш режалаштирилган.
Қолаверса, тез тиббий ёрдам бригадаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга телеметрик-электрокардиограф ҳамда мониторли дефибриллятор жиҳозлари билан таъминлаш каби яна қатор вазифалар ўрин олган.
Шунингдек, шифохоналар шошилинч ҳолатларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун зарур дори ва сарфлов воситалари билан таъминланади. Беморларга шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилинади.
Бинобарин, лойиҳада давлат ва нодавлат стационар тиббиёт ташкилотлари томонидан ўткир юрак-қон томир ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида кўрсатилган тиббий хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилиши белгиланган.
Тадбир давомида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларининг янгиланаётган клиник протокол ва даволаш стандартлари ҳам муҳокама қилинди.
Якунда мазкур дастур лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтган мулоқотда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича жавоб олдилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


