ССВ: Ўтган йилги натижалар танқидий таҳлил қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-01-31 09:40:00 / Мажлислар
Тадбир Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровнинг маърузаси билан бошланди. Вазир ўз чиқишида 2025 йилда соҳада амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилиб, 2026 йилдаги устувор вазифалар ҳақида тўхталди.
— Тўғри, қатор йўналишларда салмоқли натижаларга эришдик, соҳада ижобий ўзгаришлар бўлди, — деди А.Худаяров. — Лекин, бу улкан мақсадларимизнинг бир қисми, холос. Ислоҳотларни изчил амалга оширишда қатъий тартиб-интизом, садоқат ва масъулият бўлиши шарт. Давлатимиз раҳбари биз, соҳа масъуллари олдига катта вазифаларни қўйган. Бу йил ислоҳотларимиз самараси, аввало, қуйи бўғинда, ҳар бир маҳаллада сезилиши керак. Режаларимизни шунга кўра белгилаб олишимиз, бунда ҳар бир раҳбарнинг виждони уйғоқ, шахсий масъулияти юқори бўлиши зарур.
Таъкидланганидек, Президентимиз халқ саломатлигини таъминлаш, тиббиётни ривожлантириш учун бу йил жуда катта ресурсларни йўналтирмоқда. Масалан, биргина инфаркт, инсульт, онкологик, нефрологик каби юқумли бўлмаган касалликларни даволаш, трансплантация, вакцинация, она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишларига ўтган йиллардагидан 1,5 баробар кўп – 3,5 трлн. сўм маблағ ажратилиши бунинг яққол тасдиғидир.
Энди тизимдаги ҳар бир мансабдор пастга тушиб, қуйи бўғиндаги муассасаларда бўлиб, аввало, ҳудудларнинг ўзида мавжуд вазиятни чуқур ўрганади, аниқланган камчиликларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради.
Вазир маърузада ижро интизоми, касалликлар профилактикаси, уларни эрта аниқлаш ва даволаш, соғлиқни сақлаш тизимининг янги моделини самарали жорий этиш, диагностика ва даволаш жараёнларига сунъий интеллект ҳамда робот технологияларини кенг жорий этиш, рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш, соҳадаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби қатор масалалар танқидий таҳлил қилинди.
Хусусан, А. Худаяров тизимда ижро интизоми ҳақида сўз юритар экан, ўтган йили бир нечта топшириқлар ижроси таъминланмагани, Андижон, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари бўйича ижро ҳисоботлари тасдиқланмагани жиддий танқид қилди. Шунингдек, бугунги кунда ихтисослаштирилган марказлар боқиманда кайфиятда экани ва мавжуд имкониятлардан самарасиз фойдаланаётганини таъкидлаб, раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди.
Қолаверса, DMED тизимини кенг жорий қилиш, тез тиббий ёрдам хизматини янада яхшилаш, тизимда комплаенс-назоратни янада кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Вазир жорий йил Президентимиз коррупцияга қарши курашишда “фавқулодда ҳолат” эълон қилганини таъкидлаб, тизимда бюрократия, таъмагирлик ва манфаатлар тўқнашуви каби коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, бу борада раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиши лозимлигини қайд этди. Ўз навбатида, бу иллатга қўл урган масъуллар қатъий жазоланишини айтиб ўтди.
Шундан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масалалар юзасидан вазирнинг биринчи ўринбосари — А.Бобоев, вазир ўринбосарлари — Э.Баситханова, О.Омонов ва Ф.Ташпулатов сўзга чиқди.
Унда тиббий ёpдaмни тaшкиллаштириш, тиббий сyғypтa мexaнизмлари, тиббий стaндapтлаp, тиббий тaълим ва инновацияларни жopий этиш, oнaлик вa бoлaликни мyҳoфaзa қилиш, инвестиция ҳамда харидлар, тизимни paқамлаштириш бopacидa ўтган йил давомида бажарилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларнинг ечимлари ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Йиғилиш сўнгида Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида пастга тушган ҳолда бирламчи бўғин муассасалари билан интеграцияни мустаҳкамлаш, малакали тиббий хизматни ҳар бир хонадонга олиб кириш, тиббиётнинг янги моделини белгиланган ҳудудларда самарали йўлга қўйиш, тизимда рақамлаштиришни жадаллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
