2025 ЙИЛ ҲАЁТИНГИЗДА ҚАНДАЙ ИЗ ҚОЛДИРДИ?
2025-12-29 10:05:00 / Янгиликлар

Ўзгалар саломатлиги учун ўз ҳаловатидан кечиб, одамларга ёрдам қўлини чўзадиган, соғлиқни сақлаш тизимидаги сифат ўзгаришларида фаол иштирок этаётган ўрта тиббиёт ходимлари сафида ҳам 2025 йилда касбий муваффақиятга эришганлар бисёр.
Хусусан, “Ҳамшира – 2025” республика танлови ғолиблари бўлган қизларимиз ушбу ҳаяжонли лаҳзаларда дил сўзлари билан ўртоқлашди.
Азиза АХМАТОВА,
“Ҳамшира – 2025” республика танлови биринчи ўрин соҳибаси:
— 2025 йил ҳаётимда чуқур из қолдирди. Аввало, республика даражасида энг яхши ҳамшира сифатида эътироф этилдим. Бу оилам учун ҳам унутилмас бўлди.
Ҳамшира шифокор билан елкама-елка туриб, беморлар соғлиги, ҳаёти учун курашади. Ҳамкасбларим орасида мана шундай ўз ишини севадиган, билимли ва зукко мутахассислар жуда кўп. “Ҳамшира – 2025” танловининг қуйи босқичларида улар билан баҳсга киришиб, республика босқичига қадар етиб келиш мен учун осон бўлмади.
Финалда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган сафдошларимиз билан билим ва кўникмаларимизни алмашдик.
Танловда ғолиблик энг катта орзуларимдан бири – давлат гранти асосида тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлиш имконини берди. Бугунги кунда Бухоро давлат тиббиёт институти 1-босқич талабасиман. Бу ердаги таҳсил менга замонавий тиббий билимларни чуқур ўрганиш, ихтисослашиш ва профессионализм сари йўл очади.
Нигина ТЎХТАЕВА,
“Ҳамшира–2025” кўрик-танловиниг 2-ўрин соҳибаси:
— 2025 йил мен учун жуда омадли келди. “Ҳамшира” танловининг финал босқичи ғолиблари қаторидан ўрин олдим. Шунинг шарофати билан Бухоро давлат тиббиёт институти талабасига айландим. Танловга тайёргарлик жараёнида ўзлаштирган билимларим самараси ўлароқ тиббиёт ходимлари малака тоифасига ҳужжат топшириб, аттестациядан энг юқори балл олдим ва 1-тоифали ҳамшира бўлдим.
Айтгандай, якунига етаётган йилда уйли бўлдик. Янги йил байрамини энди оилам билан янги хонадонимизда кутиб оляпмиз! Қизалоғим иқтидорли болалар мактабининг 1-синфига қабул қилиниб, ҳозир аъло баҳоларга ўқимоқда.
Насиб бўлса, олийгоҳда бакалавр босқичини тугатгач, магистратурага, сўнг докторантурага ҳаракат қилиб, илмий изланишлар олиб боришни, олима бўлишни кўзлаб турибман.
Сарвиноз ОЧИЛОВА,
“Ҳамшира–2025” кўрик-танловининг 3-ўрин соҳибаси:
— Ҳозир Тошкент шаҳар Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида амалиёт ҳамшираси сифатида ишимни давом эттиряпман.
“Ҳамшира–2025” республика танловида кучли учликка кирдим. Бу — давлат гранти асосида тиббиёт олийгоҳида ўқиш имконияти дегани. Лекин шундай имтиёз бўла туриб, нега ундан фойдаланмаганим ҳақида кўпчилик қизиқиб сўрайди... Ростини айтсам, 28 декабрь куни никоҳ тўйим бўлади. Миллий қадриятларимизда оиланинг ўрни жуда муҳим.
Айниқса, ўзбек аёли бир қўлида ишни тутса, бир қўлида уй-рўзғор юмушлари, келинлик вазифаларини ҳам уддалаши керак. Тиббиёт йўналишида олий таълим олиш игна билан қудуқ қазиш кабидир.
Бундай шароитда ҳам ўқиш, ҳам янги оилавий ҳаётни баравар олиб бориш осон эмас. Аммо кейинчалик, албатта, тиббиёт олийгоҳига ўқишга киришни, келажакда тиббий таълим соҳасида ишлашни кўнглимга тугиб қўйганман.
2026 йилда сифатли тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштириш йўлида янги ва яхши ўзгаришлар давом этишига ишончим комил.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
