Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро даволаш протоколлари тўлиқ жорий этилади
2025-12-27 09:30:00 / Янгиликлар

Мақсад — ушбу марказ амалиётига халқаро даволаш протоколларини татбиқ этиш масаласини муҳокама қилишдан иборат.
Мулоқот давомида Болалар миллий тиббиёт маркази ва Янгсан клиникаси ўртасида меморандум имзоланди.
Унга кўра, 2026 йилнинг февралида жараённинг биринчи босқичи бошланиб, кореялик мутахассислар юртимизга ташриф буюради ва марказда фойдаланилаётган даволаш протоколларини ўрганиб, ўз таклифларини беради.
Иккинчи босқич эса 2026 йилнинг май ойида бошланади. Бунда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг қарийб 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағи эвазига марказнинг 15 нафар бўлим мудирлари, бош мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Янгсан клиникасига юборилади. Сафар давомида улар кореялик ҳамкасблари фаолиятини ўрганиб, малака оширади.
Режага кўра, 2026 йил якунига қадар Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро даволаш протоколлари босқичма-босқич жорий этилиб, тўлиқ амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Пусан миллий университети Янгсан клиникаси нафақат Жанубий Корея, балки дунёнинг энг йирик ва илғор кўп тармоқли шифохоналаридан бири ҳисобланади. Мазкур нуфузли муассаса JCI аккредитациясига эга ва дунёда юқори даражадаги тиббий хизматлар кўрсатиш билан танилган.
Эслатиб ўтамиз: Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган тўртинчи даражали Болалар миллий тиббиёт маркази халқаро даражадаги JCI сертификатини олган юртимиздаги биринчи давлат тиббиёт муассасасига айланган. Поёнига етаётган йилда эса муассаса лабораторияси Британия халқаро RIQAS (Randox International Quality Assessment Scheme) дастури доирасида 4 йўналиш бўйича “Certificate of Participation” сертификатини қўлга киритди. 2025 йилда марказнинг 10 нафардан ортиқ ходимлари илмий даражаларни олишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, марказда 2025 йил давомида жами 94 минг нафардан зиёд беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатилган, 6350 та жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шундан 5000 дан зиёди юқори технологик операциялар экани, айниқса, диққатга сазовор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.


