Самарқандда тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг VI Халқаро олимпиадаси ўтказилди
2025-12-09 15:40:00 / Янгиликлар

Унда юртимиз вакилларидан ташқари, Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби ўттиздан ортиқ давлатларнинг олтмишдан зиёд тиббиёт олийгоҳларидан 500 нафар талаба, шунингдек, хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов иштирокчиларни онлайн табриклади.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар 43 та йўналиш бўйича икки босқичда, тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашди.
Шу билан бирга, уларнинг билим ва маҳорати 7-авлод симулиацион роботлари ёрдамида синовдан ўтказилди.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ҳамда хорижий тиббиёт коллежлари ўқувчилари ўртасида халқаро олимпиада ҳам ташкил қилинди.
Бинобарин, талабалар учун чет эллик ва ўзбекистонлик етакчи мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Хорижий тиббиёт олий ўқув юртлари ректорларининг маърузалари тингланди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида хорижий тилларни ўқитишга мослашган "Тил академияси" маркази тантанали очилди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар, фаол қатнашчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.









