Мутахассис: Паркинсонни инновацион усулда даволаш йўлга қўйилади
2025-12-04 11:20:00 / Янгиликлар

— Паркинсон ташхиси қўйилган беморлар эркин ҳаракатланиш, юриш ва мувозанатни сақлашга қийналади, — дейди Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Кариев. — Мушаклари таранглашади. Қўл панжаларидан бошлаб титроқ кузатилади.
Қолаверса, мазкур патология когнитив функциянинг пасайиши ва кейинги босқичларда деменциянинг юзага келиши каби аломатлар билан намоён бўлади.
Паркинсон кўпинча кеч босқичда аниқланиши боис муолажалардан ҳамиша кутилган самара бўлмайди. Шунга қарамай, беморларга энг яқин кўмакчи — дори-дармонлар. Бироқ препаратларнинг ҳам таъсир кучи ва муддати чегараланган.
Шу сабабли кўп ҳолларда паркинсон ногиронликка олиб келиши билан хавфлидир.
Паркинсон асосан кекса ёшли инсонларда учрайди. Лекин ёшларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. У аёлларга нисбатан эркакларга кўпроқ таъсир кўрсатади.
Юртимизда яқингача бу хасталик фақат консерватив усул билангина муолажа қилиб келинган. Энди эса уни хорижлик мутахассислар билан биргаликда хирургик йўл билан даволаш бошланди.
Келгусида марказимизда ҳам бундай амалиётларни инновацион ёндашувлар асосида йўлга қўйишни мақсад қилганмиз. Бу орқали касаллик оғир асоратларининг олдини олиш ва беморлар ҳаёт сифатини яхшилаш имконияти янада кенгаяди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
