Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Япониянинг JICA халқаро ташкилоти вакиллари билан мулоқот ўтказди.
2024-12-06 09:15:00 / Янгиликлар
Учрашув аввалида З.Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, гендер тенгликни таъминлаш борасида эришилаётган натижалар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда.
Соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилларда 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги бунга ёрқин мисолдир.
Янгиланган Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, жумладан, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида тенг имкониятларни таъминлаш борасидаги қоидалар мустаҳкамланди.
“Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди.
Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва уни тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер Стратегияси қабул қилинди. Уни барча соҳа ва тармоқларга жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Қонунчиликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.
Ислоҳотларни самарали амалга оширишда аёлларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги муҳим аҳамият касб этиши ҳаммамизга маълум. Шу маънода, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ҳамда таъсирини кескин оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва ҳ.к.
Дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида Лойиҳа доирасида аёлларга қулай шароит яратиш ва уларни имкониятларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқилишига келишиб олинди.