Навоий вилояти: саноат салоҳияти, янги лойиҳалар ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш
2026-11-16 11:55:00 / Янгиликлар

Навоий – мамлакатимиз саноатининг таянчларидан бири. Вилоятнинг кимё саноати, тоғ-кон машинасозлиги, металлга ишлов бериш ва енгил саноат каби йўналишларда шаклланган ишлаб чиқариш тажрибаси янги лойиҳалар билан бойиб боряпти. Навбатдаги вазифа – ана шу салоҳиятни янада кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва корхоналар фаолиятига таъсир қилаётган масалаларни ўрганиш.
“Навоиязот”: рақамли бошқарув ва кимё саноати
1964-йилда ишга туширилган “Навоиязот” АЖ азотли ўғитлар, натрий сианиди, поливинилхлорид, метанол ва каустик сода каби маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда. У республикамиз қишлоқ хўжалигидаги азотли ўғитларга бўлган эҳтиёжнинг қарйиб 50 фоизини қоплайди. Сўнгги беш йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробарга ошган. 2026-йил якунида эса 9,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Экспорт ҳажмининг ҳам 2026-йилда 139,3 млн долларга етиши прогноз қилинган.
Ташриф давомида корхонада ташкил этилган “Ақлли бошқарув маркази” фаолияти билан ҳам танишилди. Марказ ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида кузатиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини тезкор қабул қилиш имконини беради.
Шунинфдек, завод ҳудудида натрий сианиди ишлаб чиқариш бўйича “JV Continaz” Ўзбекистон-Австрия лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қиймати 88,2 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 110 та иш ўрни яратилган. 2025-йил сентябридан ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда суткасига 70 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу маҳсулот олтинни руда таркибидан ажратиб олиш жараёнида қўлланилади.
Инсон капиталига сармоя киритиш ҳам муҳим йўналишлардан бири. Янги замонавий Махсус ўқув маркази базасида 2026-йилнинг январь-сентябрь ойларида 800 нафарга яқин ходим касбий тайёргарликдан ўтган. Оънлаб амалиёт ўтаган талабалардан 30 нафари мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинган.
50,5 млрд сўмлик лойиҳа доирасида замонавий тиббий ускуналар ва тренажёрлар билан жиҳозланган мажмуа барпо этилган. Бу ерда ҳар йили 5 мингдан зиёд ишчи-ходим ва нафақадагиларга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.
Навоий машинасозлик заводи: маҳаллийлаштириш учун янги имкониятлар
1963 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Навоий машинасозлик заводи тоғ-конь саноати учун ускуналар, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конь электр экскаваторлари, бурғилаш ускуналари ҳамда оғир юк ташувчи автосамосвалларни таъмирлашга ихтисослашган.
Завод йилига 40 минг тонна қуймачилик маҳсулотлари ва 5 минг тонна металл конструксиялар ишлаб чиқариш қувватига эга. Жанубий Корея билан ҳамкорликда амалга оширилган 22,1 млн долларлик инвестиция лойиҳаси доирасида механик-йиғув цехида йирик ўлчамли деталларга ишлов бериш участкаси ташкил этилган. Оғирлиги 980 тоннагача бўлган тегирмонлар ва майдалаш ускуналарини ишлаб чиқариш ҳамда оғирлиги 400 тоннагача бўлган деталларга ишлов бериш имконияти бор.
2030 йилга қадар маҳаллийлаштириладиган маҳсулот турларини 2 мингдан ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини эса 2 трлн сўмга етказиш кўзда тутилган.
Кармана тумани: маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотга
Комиссия Навоий вилоятининг Кармана туманидаги “TMK Chemicals” МЧЖ томонидан барпо этилган сулфат кислота ишлаб чиқариш заводида ҳам бўлди. Ушбу лойиҳа, аввало, “Навоиюран” давлат корхонасининг сулфат кислотага бўлган эҳтиёжини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминлашга қаратилган.
Умумий қиймати 54,5 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 6 гектар майдонда завод қурилиши якунланган ва 220 та янги иш ўрни яратилган.
Корхона йилига 166 минг тонна техник олтингугуртни қайта ишлаш имкониятига эга. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан фойдаланиш орқали 20 МВт қувватли турбогенератор ёрдамида йилига 152,8 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти ҳам яратилган.
Бу лойиҳа республикадаги бошқа тармоқлар – мис ва нодир металлар гидрометаллургияси, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда нефт маҳсулотларини тозалаш учун маҳаллий реагентлар базасини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, Кармана туманида “Ғани Бобо Боғи” АЖ томонидан экопарк консепсияси асосида замонавий иссиқхона мажмуасини ташкил этиш лойиҳаси кўриб чиқилди. 5 млн долларлик лойиҳа корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари 2025-йилда бошланган бўлиб, мажмуани 2026-йил декабрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 40 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
“Навпромлитмаш”: импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар
Корхонада ҳаво ва мой филтрлари, шунингдек, металл деталлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 30 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 100 та иш ўрни яратиш ва йилига 2,6 млн дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эришиш кўзда тутилган. Лойиҳа 2026-йилда ишга туширилиши режалаштирилган.
Ташриф чоғида тадбиркор томонидан электрон кооператсия портали орқали тузилган шартномаларда тайёр маҳсулотни буюртмачилар томонидан қабул қилиш муддатлари кечикаётгани масаласи кўтарилди. Бу ҳолат маҳсулотнинг омборларда узоқ сақланиши ва корхона учун қўшимча харажатларга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан маҳсулот тайёр бўлгани ҳақида буюртмачини автоматик хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклифи билдирилди.
“Навоий-Ишонч-Гиламлари”: гиламчиликда ишлаб чиқаришнинг янги босқичи
Корхонада ишлаб чиқариш 2025-йилда йўлга қўйилган. Умумий қиймати 12 млн доллар бўлган лойиҳанинг учинчи босқичи 3,5 млн долларни ташкил этади. Ушбу босқич доирасида 1,4 млн доллар корхонанинг ўз маблағлари, 2,1 млн доллар эса тижорат банки кредити ҳисобидан молиялаштирилади.
Корхона 2,2 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,04 млн квадрат метр гилам маҳсулотларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 150 та иш ўрни яратилган.
Навоий вилоятига ташриф давомида кўрилган лойиҳалар ҳудуд саноатининг турли тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватлари шаклланаётганидан дарак. Айни пайтда, корхоналарнинг барқарор ишлаши фақат янги обектларни ишга тушириш билан эмас, балки мавжуд ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва тадбиркорлар кўтараётган амалий масалаларга ечим топиш билан ҳам боғлиқ. ҳисобланади.


