Тошкент вилояти ва Беларусь саноат-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
2026-10-27 11:10:00 / Тақдимотлар

Айни кунларда хизмат сафари билан Беларусь Республикасида бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев мамлакат Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан учрашди.
Мулоқот аввалида В. Каранкевич Тошкент вилояти делегациясини Беларусь диёрига ташрифи билан самимий қутлади.
Учрашувда икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлик ва ишончга асосланган муносабатлари Ўзбекистон ва
Беларусь ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Виктор Каранкевич Беларусь Республикаси ҳукуматининг саноат, энергетика, ўрмон хўжалиги ва илм-фан соҳаларига масъул раҳбарларидан бири ҳисобланади. Унинг мазкур йўналишлардаги фаолияти икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва технологик ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Мулоқот давомида Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда саноат кооперациясини кенгайтириш, ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари диққат марказида бўлди.
Томонлар ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва янги ташаббусларни амалий натижалар билан мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

