Тошкент вилоятида истиқболли инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
2026-10-21 14:25:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Ўзбекистоннинг стратегик трансформациясини жадаллаштиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳамда уларни Тошкент вилоятида амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда умумийбешта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун PVBLIC
Foundation ташкилоти томонидан қиймати 1,55 миллиард доллар бўлган гранд маблағи ажратилган.
Эътиборлиси, лойиҳаларнинг учтасини Тошкент вилоятида қуриш кўзда тутилган.
Жумладан, вилоятда биотехнологиялар йўналишида йирик университет барпо этиш учун 500 миллион доллар инвестиция киритиш, шунингдек, қиймати 350 миллион долларга тенг пиёздан шакар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Мазкур ишлаб чиқариш ташаббуси ушбу йўналишда янги имкониятларни очиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Нурафшон шаҳрида замонавий тиббиёт марказини барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу ташаббуслар илм-фан ва таълим салоҳиятини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда тиббиёт хизматлари сифатини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Учрашув якунида лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ва ҳамкорликнинг кейинги босқичларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

