Фарғона вилояти ва Япония ҳамкорлигида янги йўналишлар белгилаб олинди
2026-09-29 14:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани, Япониянинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт тажрибаси, кўплаб соҳалардаги илғор ёндашувларидан ўрганиш муҳимлиги қайд этилди. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва мулоқотлари ўзаро муносабатларда янги даврни бошлаб бергани таъкидланди.
Ўзбекистонда ижтимоий ва муҳим иқтисодий соҳаларда Япония ҳукумати томонидан амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш ишлари, шунингдек, япон бизнесининг мамлакатимизга кириб келаётгани алоҳида қайд этилди.
Фарғона вилоятида ҳам Япония билан ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани, жумладан, меҳмонхона соҳаси, япон боғини барпо этиш, маҳаллий маҳсулотларни Япония бозорига олиб чиқиш бўйича ишлар йўлга қўйилгани айтилди.
Меҳмонлар Қува туманидаги “Quva Agro star” корхонасига ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар билан танишганини маълум қилди. Фарғонада етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Япония бозорига тизимли равишда экспорт қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Япониялик қишлоқ хўжалиги мутахассисларини “Agrostar”га жалб этиш, илғор агротехнологияларни жорий қилиш ҳамда маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Бу орқали вилоятда етиштирилаётган маҳсулотларни Япония бозори талабларига мос равишда тайёрлаш ва экспорт географиясини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Буюк ипак йўли — Самарқанд ва Фарғона” йўналишида қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш таклифи билдирилди. Ташаббус қўллаб-қувватланди.
Учрашувда олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар ва қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувларни жорий этишда, хусусан, Япония тажрибасидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Миграция йўналишида ҳам фикр алмашилиб, Японияда қурилиш ва бошқа соҳаларда ишчи кучига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Фарғонада фуқароларни мақсадли тайёрлаш ва ишга юбориш тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Риштон туманидаги “Noriko Gakko” мактаби, япон тили ва касбий кўникмаларга ўқитиш курсларини ташкил этиш, тайёрлов жараёнларидан сўнг фуқароларни Японияда иш билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, қишлоқ жойларда, хусусан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, Япониянинг ишлаш ва касбий тайёргарлик бўйича тажрибаларини Фарғонада жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Меҳмонхона соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида сайёҳлар оқими ортиб бораётгани, шу боис замонавий меҳмонхоналарга эҳтиёж ҳам юқори экани қайд этилди. Ушбу йўналишда япон инвесторлари билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
“Washin Trading Co., Ltd.” компанияси раҳбари Рамзан Сиддиқ билан Фарғона вилоятида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Япония бозорига тизимли равишда етказиб бериш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик масалалари, олиб борилаётган янги ташаббуслар бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида билдирилган барча таклиф ва ташаббуслар бўйича ҳамкорликда ишларни жадаллаштиришга келишилди.
Ушбу ташриф Фарғона вилояти ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб бериши қайд этилди.

