Сурхондарё вилояти Беларус ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда
2026-09-09 15:55:00 / Янгиликлар

Мулоқотда ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими шунингдек, Беларус Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Юрий Горлов ҳамда Саноат вазири Андрей Кузнетсов билан кенгайтирилган таркибда учрашувлар ўтказди.
Музокараларда қорамол етказиб бериш ва чорвачиликни ривожлантириш, ўсимликшунослик ва балиқчилик соҳаларида ҳамкорлик қилиш, замонавий ўқув марказларини ташкил этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Беларусда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, саноат ва логистика соҳаларида катта салоҳият мавжудлиги, айни пайтда малакали ишчи кадрларга эҳтиёж юқорилиги инобатга олиниб, меҳнат ресурсларини тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, Сурхондарёдаги техникумларда таҳсил олаётган ёшларни дуал таълим асосида Беларусдаги таълим муассасаларида ўқитиш, уларга машинасозлик ва саноат йўналишларида амалий кўникмалар бериш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро бозорларга олиб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Могилёв ва Минск вилоятларида Сурхондарёда етиштирилаётган анор ҳамда бошқа маҳсулотлар савдо ярмаркалари ва миллий маҳсулотлар кўргазма-сайлларини, Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида Беларус маҳсулотлари кўргазма савдосини ташкил этишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш, мавжуд келишувларни аниқ амалий натижалар билан бойитиш ва ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.


