”Янги Ўзбекистон аёллар олимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
2026-06-16 09:20:00 / Янгиликлар

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур спорт тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган фаол хотин-қизлар шахмат, шашка, стол тенниси ҳамда енгил атлетика йўналишлари бўйича ўзаро беллашди.
Олимпиаданинг якуний қисмида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова, Спорт вазири Адкҳам Икрамов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, спортчи хотин-қизлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тақдирлаш маросимида мусобақаларда юқори натижа кўрсатган иштирокчиларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.
Умумжамоа ҳисобида:
1-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси
2-ўрин — Навоий вилояти жамоаси
3-ўрин — Тошкент шаҳри жамоаси
Тадбирда таъкидланганидек, спорт бугун хотин-қизлар ҳаётида нафақат соғлом турмуш тарзи, балки ўзига ишонч, қатъият, ирода ва жамият ҳаётида фаол бўлишга ундовчи муҳим кучга айланмоқда. Жисмонан соғлом, маънан етук ва иродали аёл соғлом оила, баркамол фарзанд ва мустаҳкам жамият таянчидир.
“Янги Ўзбекистон аёллар олимпиадаси” хотин-қизларнинг спортдаги фаоллигини ошириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларда оммавий спорт ҳаракатини кенгайтириш ва аёллар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур олимпиада минглаб хотин-қизларни соғлом ҳаёт, жисмоний фаоллик ва янги марралар сари руҳлантирган кенг қамровли спорт байрамига айланди.


