Норинда тадбиркорлар муаммолари ва истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди
2026-06-08 09:25:00 / Янгиликлар

Туманда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда мутасадди ташкилотлар масъуллари, тижорат банклари ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, тадбиркорлар томонидан кредит маблағларидан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга оид таклиф ҳамда мурожаатлар билдирилди. Масъуллар ҳар бир масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб, муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни, жумладан, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ишбилармон аёллар учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши. Бундай очиқ мулоқотлар эса ҳудуд иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.

