“Миллий саноат занжири” кўргазмаси ташкил қилинди
2026-05-15 11:15:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг очилиш маросимида Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Исламов, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Б.Хайдаров, “ОКМК” АЖ Бошқаруви раиси А.Хурсанов иштирок этишди. Сўзга чиққанлар Оҳангаронда ўтказилаётган кўргазманинг саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва йирик саноат корхоналари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Кўргазма доирасида тоғ-кон саноати ва металлургия йўналишидаги юқори технологик маҳсулотлар, саноат стартаплари, илмий ишланмалар ҳамда истиқболли лойиҳалар намойиш этилди.
Шунингдек, маҳаллий контентни кенгайтириш, “шатакка олиш” тизими орқали саноат кооперациясини ривожлантириш, кафолатли харид шартномалари ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари тақдим этилди.
Тадбир давомида маҳаллийлаштиришга тайёр маҳсулотлар, саноат эҳтиёжлари ҳамда ҳали ўзлаштирилмаган йўналишлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Йирик саноат корхоналари томонидан импорт қилинаётган маҳсулотлар ва уларни маҳаллийлаштириш имкониятлари юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Кўргазманинг биринчи кунида 90 дан ортиқ тадбиркор ўз стендлари билан, 500 дан ортиқ тадбиркор эса стендсиз форматда иштирок этди.
Рўйхатдан ўтганлар сони 2 500 нафардан ошди.
Биринчи кун якунларига кўра, 30 та келишувга эришилиб, умумий қиймати қарийб 212,1 миллиард сўмлик битимлар шакллантирилди.

