Олий таълим ва профессионал таълим соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-05-07 14:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда олий таълим ва профессионал таълим соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса тиббиёт йўналишида халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари ўз фаолияти, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги клиникалар тармоғи ҳамда тиббий кадрларга бўлган эҳтиёж ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирдилар.
Музокараларда Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини Полша, Словакия ва Чехия каби давлатлардаги клиникаларда иш билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилди. Компания томонидан мазкур мамлакатларда ўзбекистонлик ёш мутахассислар учун эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун Европа мамлакатларида стажировкалар ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Компания вакиллари талабаларни клиникалар фаолияти, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш стандартлари ва халқаро меҳнат бозори талаблари билан яқиндан таништириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Томонлар касбий таълим соҳасида, хусусан ҳамширалик иши йўналишида ҳамкорлик қилиш истиқболларига ҳам алоҳида тўхталдилар. Бунда тиббиёт техникумлари битирувчиларининг амалий кўникмаларини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва уларни хорижий клиникаларда иш билан таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни батафсил ўрганиш, ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда тиббиёт олий таълим муассасалари ва профессионал таълим ташкилотлари иштирокида музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

