Вобкентда этно-туризм қишлоғи: ҳунарманд хотин-қизлар ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
2026-02-19 09:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Б. Зарипов ҳам иштирок этиб, ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Ташриф давомида мазкур туризм масканида меҳмонларни қабул қилиш, миллий анъаналар ва урф-одатларни намойиш этишга қаратилган хизматлар, ҳунармандчилик кўргазма ва савдо нуқталари, маҳаллий таомлар тайёрлаш ҳамда этно-маданий дастурлар ташкил этиш йўналишларида йўлга қўйилган амалий ишлар кўздан кечирилди.
Туризм қишлоғида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва кенгайтираётган хотин-қизлар учун яратилган шароитлар — маҳсулот тайёрлаш ва намойиш этиш жойлари, мижозлар билан ишлаш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, шунингдек, маркетинг ва савдони йўлга қўйиш бўйича имкониятлар билан танишилди.
Шу билан бирга, “Даромадли аёл” лойиҳаси доирасида касаначилик асосида ташкил этилган йўналишлар — тикувчилик, миллий безак буюмлари тайёрлаш, каштачилик, тўқимачилик, сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби фаолиятлар орқали хотин-қизларнинг оилавий бюджетини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган тажрибалар алоҳида эътироф этилди.
Маҳаллада хотин-қизларнинг меҳнатини даромадга айлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф якунида туризм маскани салоҳиятини янада ошириш, ҳунарманд аёллар маҳсулотларини бозорга ва сайёҳларга самарали етказиш, кооперацияни кучайтириш, шунингдек, касаначилик фаолиятини кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

