Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Анқарадаги Ўзбекистон-Туркия бизнес форумида иштирок этишди
2024-06-06 09:10:00 / Янгиликлар

Юқори даражадаги ушбу форум икки давлат ишбилармон доира вакиллари, инвесторлар, халқаро экспертлар ва мутахассислардан иборат 500 нафар иштирокчини бирлаштирди.
Маълумот учун таъкидлаб ўтиш жоизки, 2017-2023 йилларда Туркия билан савдо қилаётган Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари сони 2 бараварга кўпайиб, қарийб 5200 тани ташкил қилди. Мазкур компаниялар энергетика,қурилиш, тўқимачилик, туризм, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда фаолият олиб бормоқда.
2023 йилда Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисида битим имзоланди. Битим доирасида белгиланган 12 та товарлар бўйича ўзаро савдо ҳажми ўтган йил якунида 30 фоизга ошган бўлса, жорий йилнинг январ-апрел ойларида ушбу товарлар савдоси ҳажми яна 12 фоизга ўсди.
Тадбир кун тартибидан Туркия компанияларининг салоҳиятли раҳбарлари билан давлат-хусусий шериклик, хусусийлаштириш, тоғ-кон саноати ва геология, икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик ва мазкур йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда саноат соҳаларидаги янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган музокаралар ва тақдимотлар ўрин олди.
Хусусан, давлат-хусусий шериклик соҳасига қаратилган сессия якунида 10 та салоҳиятли турк компаниялари билан мазкур соҳаларда лойиҳаларни ҳамкорликда тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этиш учун (“swiss challenge” асосида) англашув меморандумлари имзоланди. Шунингдек, вазирлик мутасадди вакиллари томонидан 2024-2025 йилларда эълон қилиниши кутилаётган тендерларга турк тадбиркорларини жалб қилишга қаратилган тақдимот намойиш этилди.
Тадбир кун тартибида Туркия компаниялари билан қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, тўқимачилик, геология, электротехника, фармацевтика, қурилиш каби соҳалардаги ҳамкорлик муҳокамаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мамлакатимизнинг Самарқанд, Тошкент, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги қўшма лойиҳаларини шакллантириш масалалари ҳамда ушбу вилоятларнинг туристик салоҳиятини тақдим этиш ва янги туристик инфратузилма лойиҳаларига турк тадбиркорларини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Форум якуний қисмида қатнашчиларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, заргарлик, қурилиш, чарм ва саноатнинг бошқа турларидаги маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, бизнес-форум доирасидаги B2B шаклдаги учрашувлар бўлиб ўтди, улар яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг аниқ масалаларини атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.
Форум доирасида Ўзбекистон-Туркия иқтисодий ва бизнес доираларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, саноат кластерларини ташкил этиш, энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш, электростанциялар барпо этиш, текстил ва чарм-пойабзал ишлаб чиқариш, давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўллари, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини қуриш юзасидан бир қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.
Тадбир Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ва сармоя киритиш учун янги имкониятлар очишда муҳим қадам бўлди.


