Фарғона ва Қувайт алоқалари кенгаймоқда
2024-05-01 10:10:00 / Янгиликлар

Дастлабки кунда Қувайтда вилоятда қатор йирик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни режалаштираётган “Gulf Care General Trade” ҳамда “Energy Solutions” компаниялари бошқарув кенгаши раиси Эйад ал-Салеҳ билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувда икки ҳудуд ўртасида қатор соҳаларда мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик алоқалари хусусида мулоқот қилиниб, амалга оширилиши кўзда тутилаётган янги лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.
Қувайтлик йирик тадбиркор Эйад ал-Салеҳ нефт ва газ, энергетика, тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, ипакчилик, тоғ-кон саноати, металлургия йўналишларида дунёнинг турли давлатларидаги 20 га яқин компания соҳиби саналади.
Эйад ал-Салеҳ вилоятга икки бор ташриф буюрган бўлиб, ушбу ташрифлар давомида қувайтлик тадбиркор Фарғона вилоятида давлат тиббиёт муассасаси учун диагностика-лабораториясини ташкил этиш ва жиҳозлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувлар олиб борган. Ушбу мамлакатга ташрифнинг мақсади ҳам янги лойиҳа бўйича якуний битимларни имзолашдан иборат.
Мулоқотда икки ҳудуд ўртасида янги алоқалар даври бошланаётганлиги, ушбу битим орқали Қувайт компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти бошланишига старт берилганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Бошланаётган янги лойиҳа келажакдаги ишларнинг дебочаси бўлиши, Қувайт компанияси томонидан Фарғонада амалга ошириладиган келгусидаги барча лойиҳалар ҳам қўллаб-қувватланиши, ушбу ҳамкорлик икки ҳудуд учун ҳам манфаатли бўлишлиги таъкидланди.
Фарғона вилоятида давлат тиббиёт муассасаларига хизмат кўрсатувчи диагностик лабораторияларни ташкил этиш, бошқариш ва синов хизматлари бўйича халқаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Қувайтдаги элчихонада “Marafie Group” компаниялар гуруҳи бошқаруви вакиллари билан учрашув ҳам ташкил этилди.
Қувайтнинг энг йирик бизнес тузилмаларидан бири ҳисобланадиган, 1919 йилда ташкил этилган “Marafie Group” компаниялар гуруҳи “Forbes” журналининг “Топ 100 араб оилавий бизнеси” рўйхатига киритилган. Асосан савдо, қурилиш, ишлаб чиқариш ва дизайн соҳаларида иш олиб боради. 30 та компанияни ўз ичига олган “Marafie Group“ 300 дан ортиқ брендга эга ҳисобланади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаган “Marafie Group” вакиллари Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, шунингдек, саноатнинг қатор йўналишларидаги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Фарғона вилоятининг инвестицион, савдо-иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари, инвесторларга яратилган шароитлар борасида батафсил маълумот берилди. Мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш ва янги экспорт бозорларига кириб бориш масаласи бугунги кунда устувор йўналиш эканлиги қайд этилиб, бу борадаги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.
Музокара давомида эришилган дастлабки келишувлар бўйича ҳамкорликда иш ташкил этишга келишиб олинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қувайтдаги ташрифи давомида “Kuwait Airways” авиакомпанияси бош офисида бўлиб, Қувайтнинг ушбу миллий авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Абдулмоҳсен Салем Алфагаан ва бошқарув кенгаши аъзолари билан учрашди.
Учрашувда “Kuwait Airways” томонидан Қувайтдан Фарғонага тўғридан тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Самимий қабул учун миннатдорлик билдирган вилоят ҳокими бу йил Қувайт билан қатор соҳаларда янги алоқалар йўлга қўйилаётганини қайд этиб, ушбу авиакомпания билан ҳам ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувларга тайёр эканлигини маълум қилди.
Фарғона вилоятининг иқтисодий-инвестицион салоҳияти, турли соҳалардаги ютуқлари бўйича атрофлича маълумот тақдим этилди. Фарғона халқаро аэропорти парвозлар кўлами бўйича республикада ўз ўрнига эгалиги, вилоятимиз хорижлик ва маҳаллий туристларни жалб этиш бўйича, туристик инфратузилма имкониятлари бўйича энг олд ҳудудлардан бири экани қайд этилди.
Бугун Ўзбекистонда аҳолининг авиақатновларга бўлган талаби ортиб бораётгани боис, хорижий авиакомпаниялар билан ҳам биргаликда ишлаш йўлга қўйилаётганлиги таъкидланди. Фарғонадан Қувайтга парвоз вақти атиги 3-3,5 соатни ташкил қилишини ҳисобга олганда, Қувайт халқаро аэропорти Ўзбекистон фуқаролари учун қулай транзит нуқтасига айланиши мумкинлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, Қувайт аҳолиси учун Ўзбекистонда жорий этилган 10 кунлик визасиз режимдан келиб чиққан ҳолда Фарғонага келиш истагини билдираётган қувайтликлар ҳам етарли экани урғуланди.
“Kuwait Airways” авиакомпанияси бошқарув кенгаши раиси Абдулмоҳсен Салем Алфагаан Фарғонага мунтазам қатновларни йўлга қўйиш масаласига катта қизиқиш билдиришаётганини қайд этиб, бу борада режали иш ташкил этилишини билдирди.
“Kuwait Airways” раҳбари Ўзбекистон ва Қувайт ўртасида авиақатновлар бўйича мавжуд икки томонлама шартнома бандларини бугунги кундаги мавжуд талаб ва ҳамкорлик даражасидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини айтиб ўтди.
Мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши, логистика нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтган вилоят ҳокими Фарғонада ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларни Қувайтга ва бу ердан бошқа давлатларга етказиб беришда тижорий қатновларнинг ҳам ташкил этилиши самарали бўлишини қайд этди.
Учрашувда билдирилган таклифлар асосида қўшма ишчи гуруҳ тузилиб, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқишга ва ҳамкорликда иш ташкил қилишга келишилди.


