Эълон!
2025-11-06 09:20:00 / Янгиликлар

ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташаббуси ва таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида илмий мақола ва эсселар танловлари ташкил этилмоқда. “Маданий меросни сақлаш: ҳуқуқий ва иқтисодий ёндашувлар” мавзусидаги энг яхши илмий мақола танловида маданий мерос соҳаси мутахассислари иштирок этиши мумкин. Шунингдек, “Маданий меросни сақлаш” мавзусидаги энг яхши эссе танловида талабалар иштироки назарда тутилган.
Республика миқёсидаги танловларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ва мутахассисларни маданий мерос соҳасидаги билимларини янада ошириш, ҳуқуқий-иқтисодий ва ижтимоий қарашларини ривожлантириш, ватанпарвар, интеллектуал салоҳиятга эга ёшларни аниқлаш ҳамда рағбатлантиришдан иборатдир.
Танловлар, шунингдек, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни номоддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Унда олий таълим муассасалари бакалавриат талабалари ва маданий мерос соҳаси мутахассислари қатнашиши белгиланган.
Ушбу танлов доирасида талабалар “Маданий меросни сақлаш” мавзусида эссе ёзиш орқали қуйидаги уч номинация бўйича иштирок этишлари мумкин:
• энг яхши ижодий ёндашув;
• энг яхши таҳлилий ечим;
• ҳуқуқий билимларни чуқур акс эттириш.
Мутахассислар учун эса алоҳида йўналиш белгиланган бўлиб, улар “Маданий меросни сақлаш: ҳуқуқий ва иқтисодий ёндашувлар” мавзусида энг яхши илмий мақола тақдим этишлари назарда тутилган.
Танловнинг биринчи босқичи олий таълим муассасаларида белгиланган саналарда ўтказилади, ғолиблар кейинги ҳудудий босқич орқали сараланади ва якуний республика даражасида ўтказилиши режалаштирилган. Танловнинг умумий ўтказилиш даври: 2025-йил 15-ноябрдан 10-декабргача.
Танловда бакалавр талабалари йўналишида ҳар бир номинация бўйича 2 та энг яхши иш танланиб, ғолибларга 500 АҚШ доллари пул мукофоти берилади.
Мутахассислар йўналишида эса 2 та энг яхши мақола аниқланиб, ҳар бир ғолиб 1000 АҚШ доллари билан тақдирланади. Республика босқичидаги барча иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилади.
Танлов Ташкилий қўмитасига унинг шартлари, муддатлари ва даврларини белгилаш, баҳолаш жараёнини шаффоф, адолатли ўтказиш ҳамда ҳар бир босқичда иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш вазифаси юкланган.
Маданий мерос агентлиги барча ижодкор ёшлар қаторида мутахассисларни ҳам танловда фаол иштирок этишга, ўз билим ва истеъдодларини намоён этиб, мамлакатимизнинг бой маданий меросини асрашга ҳисса қўшишга чорлаб қолади.
Ўз ишларингизни қуйидаги инфо@madaniymeros.uz электронпочта / манзилга йўллашингиз мумкин.
Мурожаат учун телефон: +99871 200-01-18
