Маданий мерос агентлиги директори Абдикаримов Баходир Ганжиевичнинг коррупцияга қарши курашиш ва унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан йўллаган МУРОЖААТНОМАСИ
2024-04-19 11:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ҳурматли Маданий мерос агентлиги жамоаси ва қадрли фуқаролар!
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир соҳада коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишга, унга қарши курашишга, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупция омилларига чек қўйишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур кенг миқёсдаги тадбирлар доирасида Маданий мерос агентлигида ҳам фаолиятда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, бу каби ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар дастури белгиланиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгиланди.
Агентлик тизимида меҳнат қилиб келаётган ҳар бир ходим ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида ҳалол ва адолатли бўлиши, коррупциянинг барча шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатда бўлган ҳолда ушбу иллатга қарши курашиш борасидаги қонунчилик нормалари ва қабул қилинган ички ҳужжатларга қатъий риоя қилишлари шартлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Тараққиёт кушандаси бўлган коррупция иллатига қарши курашда биргина давлат ташкилотлари эмас балки, бутун жамоатчилик ва барча фуқароларимиз масъулдир.
Маданий мерос агентлиги тизимида фаолият юритаётган ходимларининг қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигининг гувоҳи бўлсангиз ёки ходимларнинг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотларга эга бўлсангиз, агентликда ташкил қилинган махсус алоқа каналлари орқали хабар беришингиз мумкин.
