Археология соҳаси босқичма-босқич тартибга солинмоқда
2025-10-22 18:05:00 / Янгиликлар

2025-йил 20-октабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 659-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Шу вақтгача археология соҳасини тартибга солувчи қонуности ҳужжатларнинг тўлиқ ишлаб чиқилмагани сабабли, бир қатор амалий жараёнларда ноаниқлик ва тушунмовчиликлар кузатилаётган эди. Жумладан, археологик ашёларни давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш, уларни давлатга топшириш, фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек, халқаро археологик тадқиқотларни ташкил этиш ва консервация жараёнларини амалга оширишда ягона меъёрий тартиб мавжуд эмас эди. Янги қарор билан ушбу йўналишларда аниқ тартиб ва шартлар белгилаб берилди.
Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бадиий академиялари томонидаб муҳокамадан ўтказилган. Шунингдек, мазкур қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган.
Мазкур қарор археология мероси объектларини сақлаш, ўрганиш ва улардан оқилона фойдаланишни янада тизимли асосда йўлга қўйишга хизмат қилади.
