“Илгариги Ёзувчилар Уюшмаси биноси”да олиб борилаётган ишлар юзасидан расмий муносабат
2025-10-21 18:10:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчасида (илгариги Пушкин кўчаси) жойлашган собиқ “Ёзувчилар уюшмаси биноси”да олиб борилаётган ишлар юзасидан турли фикрлар билдирилди. Жумладан, бинонинг атрофини ўраш, ичкарида реставрация ишлари кетаётгани ва бу ҳолат жамоатчиликда хавотир уйғотгани қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Бинонинг ҳуқуқий мақоми ва муҳофаза даражаси
Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган собиқ “Ёзувчилар уюшмаси биноси” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарорига асосан моддий маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
Яъни, ушбу бино бузилиши ёки ўзбошимчалик билан реконструкция қилиниши қатъиян ман этилган объект ҳисобланади.
Қурилиш эмас – қонуний реставрация
Маданий мерос агентлигига 2025-йил 21-феврал куни “АРТ-ЭЛECТРО” МЧЖ томонидан ёзма равишда мурожаат қилинган. Унда мазкур бинонинг:
• Фасад қисмини реставрация ва таъмирлаш,
• Ички қисмларини офис сифатида фойдаланишга мослаштириш режалаштирилгани билдирилди.
Ушбу мурожаат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025-йил 19-мартдаги йиғилишида кўриб чиқилган. Кенгаш:
• Ички қисм таъмирга муҳтожлигини эътиборга олган;
• Лойиҳанинг бино конструкциясига зарар етказмаслиги ва меъморий ечимлар тарихий қиёфага мос бўлганлигини ҳисобга олиб, шартли равишда ижобий хулоса берган.
Ташқи деворлар ва орқа фасад бўйича қўшимча лойиҳа
Шунингдек, “АРТ-ЭЛECТРО” МЧЖ томонидан 2025-йил 23-апрель куни ташқи фасадни реставрация қилиш, орқа ва ён деворларни мустаҳкамлаш бўйича ҳам алоҳида мурожаат келиб тушган.
Ушбу лойиҳа Илмий-эксперт кенгашининг 2025-йил 30-майдаги йиғилишида кўриб чиқилиб:
• Ташқи деворлардаги меъморий безакларга зиён етказилмаслиги шарти билан ижобий баҳоланган ва амалга оширишга рухсат берилган.
Қурилиш эмас – тиклаш ва мослаштириш
Шу ўринда таъкидлаймизки, мазкур бинода қурилиш ёки бузиш ишлари олиб борилаётгани йўқ.
• Фасад – аслига мослаб реставрация қилинмоқда;
• Ички қисм – замонавий эҳтиёжларга мослаштирилмоқда, лекин тарихий конструкциялар ва меъморий шакл ўзгартирилмаяпти.
Бу — “адаптацияланган реставрация” дейилади ва у бутун дунёда тарихий бинолардан фойдаланишнинг асосий шакли ҳисобланади.
Жамоатчиликка мурожаат
Маданий мерос агентлиги:
• Аҳолининг эътиборини ва ташвишини тушунади;
• Ҳар бир реставрация ишини илмий, қонуний ва очиқ механизм асосида назорат қилади.
Айни пайтда бинода олиб борилаётган барча ишлар белгиланган тартибда, нормативларга қатъий амал қилинган ҳолда жамоатчилик учун очиқ равишда амалга оширилмоқда.
