Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди
2025-09-30 15:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 14-ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жойларда тадбиркорлик субъектлари билан тизимли ишлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Маданий мерос агентлиги томонидан жорий йил 25-сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида, 26-сентябрь куни эса Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилди. Унда музей-қўриқхоналарда ва маданий мерос объектларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилот вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида тадбиркорларга маданий мерос объектларидан фойдаланиш қоидалари, ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари, шунингдек, маданий мерос объектлари билан боғлиқ фаолият давомида дуч келинадиган ҳуқуқий масалалар юзасидан амалий маслаҳатлар берилди. Семинар давомида мутахассислар тадбиркорларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, ҳужжатларни расмийлаштириш, лицензия ва рухсатномаларни олиш тартиби ҳамда амалий жиҳатдан муҳим бўлган бошқа масалалар юзасидан аниқ кўрсатма ва тушунтиришлар берди.
Ушбу семинар-тренинглар тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиш билан бирга уларни маданий меросни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш масалаларида ҳам хабардор этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Яқин келгусида шу мавзудаги туркум учрашувлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган.
