Ўзбекистонда қадимги деҳқончилик анъаналарига оид муҳим археологик топилмалар аниқланди
2025-09-19 16:40:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти Бойсун тоғларида жойлашган Тўда ғорида олиб борилган археологик қазишмалар давомида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. Тадқиқотлар Хитой Фанлар академияси Қазилмалар ва палеоантропология институти олими Хинйинг Чжоу раҳбарлигида ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти археологлари иштирокида амалга оширилди.
Қазишмалар жараёнида қадимий тош ўроқлар, ёввойи донларнинг уруғлари ҳамда уларга ишлов беришда фойдаланилган меҳнат қуроллари аниқланди. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу топилмалар қарийб 9 минг 200 йил аввалги даврга оид. Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, мазкур кашфиёт минтақанинг қадимий аҳолиси овчилик ва теримчилик билан бир қаторда илк деҳқончилик амалиётларидан ҳам фойдаланганини кўрсатади.
Германиядаги Геоантропология институти илмий ходими Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, бу топилмалар деҳқончиликнинг ягона ҳудудда эмас, балки дунёнинг турли минтақаларида, жумладан Евроосиёда ҳам мустақил равишда шаклланганини тасдиқлайди. Археологик қазишмалар давомида нафақат ўсимлик қолдиқлари, балки тош пичоқлар, ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа асбоблар ҳам топилган. Уларнинг юзасида ғалла пояларини ўриш ва қайта ишлаш жараёнларига оид излар сақланиб қолган.
Археологларнинг маълум қилишича, худди шундай қуроллар Левант ҳудуди ҳамда Қирғизистондаги Обишир-5 манзилгоҳида ҳам учрайди. Бу эса қадимги деҳқончилик анъаналари бир неча ҳудудларда ўз-ўзидан пайдо бўлганини илмий асослайди. Ушбу кашфиёт нафақат Ўзбекистон тарихида, балки инсониятнинг илк аграр маданиятини ўрганишда муҳим илмий далил сифатида катта аҳамият касб этади.
