“Ақчахан қалъа” археология ёдгорлиги қайта кашф этилмоқда
2025-09-09 15:50:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида жойлашган “Ақчахан қалъа” археологик ёдгорлиги нафақат қадимий қорақалпоқ тарихини ёритувчи муҳим манба, балки Марказий Осиёнинг ривожланиш тараққиётини кўрсатувчи йирик обидалар қаторига киради. Ушбу ёдгорлик милоддан аввалги ИВ–ИИИ асрлардан милодий ИВ асргача бўлган даврга оид бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октабрдаги 846-сонли қарори билан моддий маданий мероснинг миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган. Муҳофаза майдони 56 гектарни ташкил этади.
“Ақчахан қалъа” ёдгорлиги дастлаб 1937-йилда Москва Фанлар академияси ҳузурида Сергей Толстов экспедицияси томонидан ўрганилган. 1956-йилда археолог Борис Андрианов томонидан ҳам навбатдаги изланишлар олиб борилган. Кейинчалик 1980-йилда олиб борилган қазишмалар натижасида ёдгорликнинг асосий майдони аниқланади. 1995-йилдан бошлаб эса Қорақалпоғистон-Австралия халқаро археологик экспедицияси фаолият юритиб, 9 йил давомида йирик илмий натижаларга эришади. Тадқиқотларда аниқланишича, қалъа икки қисмдан: юқори ва қуйи шаҳарчалардан иборат бўлиб, умумий мудофаа тизимига эга бўлган. Бугунги кунда “Ақчахан қалъа”да Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти археологлари хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда илмий қазишмаларни давом эттирмоқда. Қазишма ишларини археолог Азизхан Торениязов раҳбарлигидаги илмий экспедиция Маданий мерос агентлиги томонидан берилган махсус рухсатнома асосида олиб бормоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 27-майдаги 261-сон қарорига мувофиқ, 2025-йилги реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари дастурига “Ақчахан қалъа”си ҳам киритилган. Агентлик томонидан ёдгорликни музейлаштириш, сақлаш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган.
Археология ёдгорлигида олиб борилаётган қазишма ишлари ҳақида “Қарақалпақстан” телеканали томонидан тайёрланган “Қарақалпақстан тарийхи” кўрсатуви орқали томоша қилишингиз мумкин.
