#расмий_муносабат
2025-09-04 09:50:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг бирида “Самарқанднинг тарихий марказидаги Имом Мотуридий мақбараси реконструкцияси доирасида эски маҳалланинг бир қисми бузиб ташланди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан хабар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6165 сон фармони қабул қилинган. Ушбу фармонга кўра, Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5150 сонли қарорининг 4 бандида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишиш қайд этилган. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар Агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг 6-март куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилиб, якуний хулоса берилган. Кенгаш хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6165-сонли фармойиши маълумот ва ижро учун қабул қилинган. Самарқанд шаҳрида жойлашган “Имом Мотуридий мажмуаси”нинг атрофини кенгайтириш ишлари юзасидан лойиҳа таклифи маъқулланган. Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги “Имом Мотуридий мажмуаси” атрофини кенгайтириш ҳамда ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш келтириб ўтилган. Шу билан бирга ҳужжатда мазкур ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян тасдиқланган.
Самарқанд шаҳри марказида жойлашган Имом Мотуридий мажмуаси атрофида режалаштирилган қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари ЮНEСКОнинг 1972-йил Умумжаҳон маданий ва табий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари асосида халқаро мутахассислар жалб қилинган ҳолда маданий меросга бўлган таъсири ҳисоботи ишлаб чиқилди. Мазкур ҳисобот халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали Умумжаҳон мероси марказига юборилди. Тақдим этилган якуний қарор юзасидан маълумотлар Маданий мерос агентлигининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида эълон қилинишини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июндаги “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги 781 сонли қонуни асосида уй-жойлари бузилаётган аҳоли вакилларининг турар-жойлари бозор қийматида ҳисобланади ва белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.
