#юртимиз_музейлари
2025-07-02 14:00:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон тарихи ва маданиятини акс эттирган 96 ёшдаги музей
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи мамлакатимизнинг ўзига хос бой маданий мероси, тарихи, қадимий ёдгорликларини сақловчи, тарғиб этувчи ва келгуси авлодларга етказувчи масканлардан бири саналади. Музей фаолияти 1929-йилда Тўрткўл шаҳрида илк кўргазма намойиш этилиши билан бошланган. Биринчи кўргазма намойишида Қорақалпоғистон этнография экспедицияси вакиллари этнограф олимлар Қ.Айимбетов ва А.Морозов иштирок этган.
1935-йилда музей Қорақалпоғистон тарихи ва ўлкашунослик музейи номини олади. Муассаса Амударё сув сатҳининг кўтарилиши ва тошқинлар туфайли 1944-йилда Тўрткўлдан Нукус шаҳрига кўчирилади. 2017-йил 11-декабрда музейга ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи номи берилди. Шу билан бирга, Мўйноқ туманида жойлашган “Экология” ва Элликқалъа туманидаги “Археология ва тарих" музейлари унинг таркибига киритилди.
Ҳукуматнинг 2019-йилдаги қарорга асосан “Орол денгизи тарихи” музейи ҳам ушбу муассасанинг янги филиали сифатида фаолиятини бошлади. Шу йилнинг 29-август куни музейнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ерда тарих, маданият, табиат ва археологияга оид 80 мингдан ортиқ экспонат замонавий экспозиция шаклида жамланган.
Жорий йилнинг 16-майида музейнинг 96 йиллиги нишонланди. Деярли бир аср давомида масканда Қорақалпоғистон тарихига оид бебаҳо экспонатлар асраб-авайлаб кенг жамоатчиликка намойиш қилинмоқда. Асосий мақсад эса ушбу ноёб ашёларни келажак авлодларга безавол етказишдан иборатдир.
Мазкур видеороликда музей ҳамда унинг иккала филиалларидаги экспозиция заллари кенг ёритилган бўлиб, унда нодир буюмлар, археологик топилмалар ва экологик тарихнинг ўзига хос кўринишлари тасвирланган. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи минтақавий ва халқаро миқёсда маданий меросни танитувчи муҳим манба ҳисобланади.
