Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилади
2025-06-26 13:55:00 / Янгиликлар

Бугун, 26 июн кун Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Кенгаш аъзолари томонидан жамият ҳаёти учун муҳим бўлган 9 та долзарб лойиҳа кўриб чиқилади.
Йиғилишда Тошкент шаҳрида жойлашган Ғафур Ғулом ва Ойбек уй-музейларини мукаммал таъмирлаш лойиҳаси ҳамда Бухоро шаҳрида жойлашган “Қадимий ҳовли” (Ҳовли Поён) маданий мерос объектини Бухоро шаҳридаги Жадидлар мероси давлат музейи сюжетларига мослаштириш, реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш бўйича тайёрланган лойиҳалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Кенгаш аъзолари томонидан навбатдан ташқари муҳокамада Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида жойлашган маданий мерос объектларини реставрация қилиш ҳамда музейлаштириш таклиф лойиҳалари ҳам кўриб чиқилади. Илмий-эксперт кенгашининг кун тартиби билан Маданий мерос агентлигининг расмий сайтида танишиб чиқиш мумкин.
Маълумот учун, 2024-йилнинг 20-май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, Кенгаш ваколатлари доирасига моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулосалар беришга доир қатор вазифалар белгиланган.
