#расмий_муносабат
2025-06-26 11:55:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларнинг бирида Бухоро шаҳрининг қадимий “Талипоч қалъа” дарвозаси атрофида бозор жойлашгани сабабли ҳудудга чиқиндилар ташлаб кетилгани айтилган. Маданий мерос агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўша куннинг ўзида жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
ХВИ асрга оид бўлган “Талипоч қалъа” дарвозаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрда қабул қилинган “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846 сонли қарори билан давлат муҳофазасига олинган.
Агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан мазкур маданий мерос объектлари атрофида аниқланган ҳолат бўйича камчиликлар шу куннинг ўзида бартараф этилди. Тарихий ёдгорлик атрофи чиқиндилардан тозаланиб, обида ён-атрофи тартибга келтирилди.
Шунингдек, вақтинча туриб қолган юк автомобиллари бошқа манзилга кўчирилди ҳамда бу каби ҳолатларни олдини олиш юзасидан мунтазам назорат ўрнатиш чоралари кўрилди. Юқоридаги ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан бозор маъмуриятига тушунтириш ишлари олиб борилди.
