Мухтор Ашрафий ва Ўрол Тансиқбоев уй-музейлари таъмирлаш учун ёпилди
2025-06-23 17:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 26 майидан 2 сентябргача Маданий мерос агентлиги тизимидаги атоқли санъат арбобларининг уй-музейларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиши, иситиш ва совитиш тизимларини тўлиқ қайта ишга тушириш муносабати билан уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Таъмирлаш ишлари давомида уй-музейлар фонди, у ерда сақланаётган экспонатлар, ишчи ходимларнинг меҳнат фаолияти, экспозицияларни янгилаш ҳамда ташкилий масалалар бўйича барча ишлар Маданий мерос агентлиги томонидан назоратга олинади. Ташриф буюришни режалаштираётган меҳмонларимиз учун Тошкент шаҳридаги бошқа уй-музейлари ўз фаолиятини давом эттираётганини маълум қиламиз.
Маълумот учун, таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангач, атоқли санъат арбобларининг уй-музейлари ўз фаолиятини янгиланган экспозиция, замонавий талаблар асосида ва қулай шароитда давом эттиради. Янгиликларимизни кузатиб боринг.
