#расмий_муносабат
2025-06-19 17:30:00 / Янгиликлар

Оммавий ахборот воситаларининг бирида “Жомбойдаги маданий мерос объектлари қачон таъмирланади?” сарлавҳаси остида мақола чоп этилган. Эълон қилинган маълумот юзасидан Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Қайд этиш керак ҳозирги вақтда Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 45 та: 39 та археология, 6 та архитектура маданий мерос объектлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октабрда қабул қилинган “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846 сонли қарори билан давлат муҳофазасига олинган. ХИХ-ХХ асрларга оид “Иброҳим ота” масжиди ҳукуматнинг ушбу қарори асосида Миллий рўйхатда қайд этилган.
Мақолада келтирилган “Иброҳим ота” масжиди ташриф буюрувчилар учун зиёратгоҳ сифатида фаолият юритади. Бу маскан нафақат диний, балки маданий-маънавий аҳамиятга эга тарихий ёдгорликдир. Бугунги кунда масжид биноси таъмирталаб бўлгани сабабли Агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ушбу ёдгорликни 2026 йилда реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга ошириладиган маданий мерос объектлари ва давлат музейларининг манзилли рўйхатига киритиш бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланаётганлигини маълум қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Жомбой тумандаги 39 та маданий мерос масканларига муҳофаза белгилари ўрнатилган бўлиб, қолган 6 та ёдгорлик учун муҳофаза белгилари учун буюртма берилган.
