Ўзбекистонлик археологлар Қозоғистондаги халқаро қазишмаларда иштирок этмоқда
2025-06-17 12:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд археология институти ходимлари Айсулув Искандарова ва Ниёз Рашидов Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда вилоятида жойлашган Жанкент қадимий шаҳар харобаларида олиб борилаётган халқаро археологик тадқиқотларда қатнашишмоқда.
Мазкур экспедиция Халқаро Туркий академияси кўмагида ва Қўрқит ота номидаги Қизилўрда давлат университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бўлиб, у туркий дунёга мансуб ўрта асрлар давридаги моддий ва маънавий меросни чуқур ўрганишга қаратилган. Экспедиция раҳбари Айсулув Искандарованинг таъкидлашича, Жанкент харобалари Оролбўйи ҳудудидаги муҳим археологик ёдгорликлардан бири саналади.
Қазишмалар давомида илк бор ИХ асрга оид ўғузларга тегишли кумуш тангалар хазинаси аниқланиб, улар бой шаҳарликка мансуб бўлган уйда топилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Х–ХИ асрларда айнан ушбу ҳудудда ўғузлар давлатининг маъмурий маркази Янгикент жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июн ойида шаҳар харобалари ҳудудида Жанкентнинг турк дунёсидаги маданий марказ сифатидаги аҳамиятини ифода этувчи ёдгорлик стеласи ўрнатилди. Ҳозирги қазишмалар эса айнан ҳудуднинг савдо ва маданий алоқалари ҳақида маълумот берувчи меъморчилк қолдиқлари ва осори атиқаларни аниқлашга йўналтирилган. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу лойиҳадаги иштироки Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги илмий алмашинув ва ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлиб, ўрта асрлардаги минтақалараро жараёнларни чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.
