Бугун Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди
2025-06-11 14:35:00 / Янгиликлар

Жорий йил 11 июн куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда Кенгаш аъзолари томонидан долзарб лойиҳалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган “Ҳазрати Имом” мажмуаси таркибидаги “Абу Бакр Каффол Шоший” мақбараси, “Бароқхон”, “Мўйи Муборак мадрасаси, “Намозгоҳ” ва “Тиллашайх” масжиди ҳудудини ободонлаштириш лойиҳаси кўриб чиқилди. Шунингдек, Кенгаш аъзолари томонидан пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани, Алишер Навоий кўчаси, 15 манзилдаги “Миллий кино санъати саройи” биноси ҳамда “Шодлик” меҳмонхонаси муҳофаза ҳудудида кўп қаватли нотурар жой биносини қуриш лойиҳаси ҳам кун тартибидаги асосий масала бўлди. Илмий-эксперт кенгашининг қарори билан Маданий мерос агентлигининг расмий сайти орқали танишиб чиқиш мумкин.
Маълумот учун, 2024 йилнинг 20 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорга мувофиқ Кенгашга моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларда режалаштирилган асрашга доир ишларни объектнинг тарихий-маданий аҳамияти ҳамда ноёблигига путур етказмаган ҳолда технология ва материалларнинг қўлланилиши бўйича тегишли хулоса беришга доир қатор вазифалар белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари якунлангач шаҳарнинг Эски шаҳри қисми янада жозибадор маскан ва йирик сайёҳлик мажмуасига айланиши кутилмоқда.
