Ўзбекистон–Хитой археологик экспедицияси: Чинортепада қадимий тарих излари ўрганилмоқда
2025-05-22 14:25:00 / Янгиликлар

Самарқанд археология институти, Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети (Циан) ҳамда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти олимлари ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Узун туманида жойлашган қадимий Чинортепа археологик ёдгорлигида 2023 йилдан буён кенг кўламли илмий қазишма ишлари олиб борилмоқда. Ушбу халқаро ҳамкорлик доирасидаги илмий экспедицияда қадимий тамаддунлар, кечирилган турмуш тарз, маданияти ва тарихий ривожланиш босқичларини чуқур ўрганиш назарда тутилган.
Қазишма жараёнида турли даврларга оид сопол буюм ва бошқа муҳим топилмалар аниқланмоқда. Бу топилмалар орқали минтақанинг қадимий ижтимоий ҳаёти ва маданий даражаси ҳақида муҳим илмий хулосалар чиқарилиши кутилмоқда.
Тадқиқотларда Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Сардор Аҳмедов ва тадқиқотчи Раҳим Худойбердиев фаол иштирок этмоқда.
Хитойлик ҳамкорлар сафида эса Шимоли-ғарбий университетнинг жами 12 нафар профессор, магистрант ва бакалавр талабалари қатнашмоқда. Экспедицияда археологлардан ташқари тупроқшунос мутахассислар ҳам жалб этилган бўлиб, бу ёндашув илмий таҳлилларни янада пухта амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Чинортепа ёдгорлигидаги тадқиқотлар икки мамлакат ўртасидаги илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш баробарида Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини халқаро миқёсда тадқиқ этишга муҳим ҳисса қўшади.
